Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти - GIZнинг Қирғизистон ва Тожикистондаги лойиҳа раҳбарлари бошчилигида делегация Ахсикент археология паркига ташриф буюрди

Ахсикент GiZ ташкилоти билан бир неча йилдан бери самарали ҳамкорлик қилиб келади. Бунинг натижаси ўлароқ икки бор хорижий экспертлар иштирокида халқаро конференция ташкил этилди.  Ахсикент делегацияси GiZ кўмагида ITB Berlin халқаро туризм кўргазмасида иштирок этди.  Германиянинг Золинген шаҳри ва Ахсикент-Чуст ҳамкорлиги ўрнатиш бўйича Золинген сафари ташкил этилди.

- Ахсикентда буюк тарих билан тўқнашдик.  Биз иш фаолиятимизда Ахсикент билан боғлиқ лойиҳаларни амалга оширишимиз мумкин. Бу икки томон учун ҳам самарали бўлади, -  дейди GiZнинг Қирғизистондаги лойиҳа раҳбари Ханна Забасс.

14-16 октябр кунлари Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти лойиҳаси доирасида жамоатчилик туризм тармоғини ривожлантириш бўйича семинари бўлиб ўтганди. Унда Фарғона водийсида туризм соҳасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниб, амалий ечимлар изланганди.

- Ахсикент - Фарғона водийси туризм тармоғида энг муҳим бўғиндир. Хорижий сайёҳларнинг асосий локацияларидан бўлган 3000 йиллик тарихга эга ушбу маскан бўйича истиқболда қатор лойиҳаларимиз бор, - дейди GiZнинг Наманган вилоятидаги вакили Фарҳод Мирзабаев.

Ҳозирда Ахсикентга ғарб мамлакатларидан келадиган сайёҳлар учун мақбул тур пакетларни ишлаб чиқиш бўйича иш олиб борилмоқда. 17-21 ноябр кунлари Германия турфирмалари водийга ташриф буюрадилар. Ташриф объектлари орасида Ахсикент археология парки ва SilkGranat миллий ҳунармандчилик ва туризм маркази ҳам мавжуд.

SilkGranat раҳбари Марина Джаббарова 3-13 ноябрь кунлари GIZ кўмагида Германия сафарида бўлиб, BerlinBazaar халқаро ҳунармандчилик ярмаркасида иштирок этади.