Тўрақўрғон туманида 40 йиллик кўприк қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди
Туманда Давлат раҳбарининг тегишли қарори билан 2024 йилда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича 13,7 млрд. сўм маблағ ажратилиб, 12 та лойиҳалар, хусусан, энг муаммоли ички йўллар, ичимлик суви, электр энергияси ва кўприк каби масалалар эътиборга олинди.Тепа Найманча ва Паст Найманча маҳаллаларини боғлаб турувчи кўприк бундан қарийб 40 йил муқаддам таъмирланган бўлиб, яроқсиз ҳолга келганди. Юқоридаги махсус дастур асосида 2 миллиард сўм маблағ ажратилиб, сентябр ойининг биринчи ўн кунлигида қурилиш ишлари бошланди ва тезкор-сифатли равишда якунланди.
Бугун ана шу кўприкнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Окибжон Иномов, туман ҳокими Шерали Қосимов, сектор раҳбарлари, маҳалла нуронийлари, ёшлар вакиллари иштирок этишди. Сўзга чиққанлар аҳоли турмуш тарзини янада равнақ топтириш борасида қилинаётган ишлар учун муҳтарам Юртбошимизга миннатдорчилик билдирдилар. Бундай ҳаракатлар бардавомлигини тилаб, дуода бўлдилар. Қурувчилар меҳнати қадрланиб, совғалар тақдим этилди.
Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати