Тўрақўрғонда 100 йиллик тарихга эга умумтаълим мактаби мукаммал таъмирдан чиқарилди. Тақдимот маросимида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этди.

1924 йилда ташкил топган 24-умумтаълим мактаби жамоасининг аҳиллиги, эришилаётган муваффақиятлари ўрнак қилса арзирли. Улар ўтган йилларда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида спорт майдончаси, ўқув жиҳозлари олишган бўлса, бу йил  эса яна 1 миллиард 280 миллион сўмлик лойиҳада ғолиб бўлишди ва мактабнинг ташқи қиёфаси бутунлай ўзгариб, кўркам қиёфа касб этди.

Бу ерда мактаб томорқасидан унумли фойдаланиб келинмоқда. 80 сотихда қулупной, 200 туп бодом, 100 туп ҳурмо етиштириляпти. Яқинда “EKO-schools Uzbekistan” лойиҳасига аъзо бўлиб, ғолиблар сафида 14 миллион сўмлик 1 сотихли иссиқхона қурилиши ҳам насиб этди. Булар орқали йилига 30-35 миллион сўм даромад кўриляпти.

Мукаммал таъмирдан чиқарилган муассасанинг тақдимот маросимида иштирок этган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш кераклигини таъкидлади ва ушбу мактаб тажрибасини вилоят миқёсида оммалаштириш тавсиясини берди. Шу ерда маҳалла оқсоқоллари билан мулоқот ўтказилди, келгуси очиқ бюджет танловларига кўпроқ аҳоли учун энг зарур масалалар бўлган ички йўлларни ободонлаштириш ва ичимлик суви бўйича лойиҳалар  таклифларини қўйиш айтиб ўтилди.

Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.