Кўҳна Ахсикентда "Ўзбекистон - бағрикенг диёр" шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди

Шу кунларда бутун вилоятимиз бўйлаб "Бағрикенглик ҳафталиги" доирасида турли тадбирлар ташкилланмоқда. Унда Ўзбекистонимизнинг обод гўшаларида яшаётган турли миллат вакиллари шу юртни қадрлаб, тараққиётидан баҳраманд бўлаётганлиги, тинчлик-тотувлик, осойишталикдаги ҳаёт акс этмоқда.

Тўрақўрғон ҳудудида жойлашган Ахсикент тарихий объектида ўтказилган тадбирда нуронийлар, ёшлар билан бир қаторда ўндан ортиқ миллат вакиллари ҳам иштирок этишди. Туман маданият бўлимининг бадиий дастури, умумтаълим мактабларидан келган санъат ғунчаларининг чиқишлари, маҳаллалардаги ҳунармандларнинг ўз қўллари билан ясаган маҳсулотлари кўргазмаси барчага байрамона кайфият бахш этди. Бу қувончларга Поп ва Чуст туманларидан зиёратга келган меҳмонлар ҳам шерик бўлдилар.

Тадбир қатнашчилари Ахсикент очиқ осмон музейига оид янгиликлар билан ҳам танишдилар.