Тўрақўрғон маданият марказида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ва сектор раҳбарларининг барча туманлардан ер олган ва "Ёшлар дафтари"дан ёрдам олган ёшлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз раҳбарликларида ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига етган. Уларнинг билимли, доно ва албатта, юртимизнинг эртанги куни эгалари бўлиб вояга етишлари учун барча имкониятлар эшиги очилган.
Ҳозирда вилоят аҳолисининг 652 минг нафарини 14-30 ёшли йигит-қизлар ташкил этади.2024 йилдан бошлаб янгича тизим асосида 652 879 нафар ёшлар баланси шакллантирилди ва 3 тоифага ажратилиб, улар билан индивидуал ишлаш тизими жорий этилди. 52 минг ишсиз ёшлар бандлиги таъминланди. “Ёшлар дафтари”га киритилган 11118 нафар ёшлардан 7 342 нафарига 14,7 млрд. сўмлик амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Президентимизнинг жорий йилдаги ПҚ-153-сонли қарори ва маҳалла еттилиги тавсияси асосида «e-auksion» электрон платформаси орқали 18 105 нафар ёшлар 4 390 гектар майдонларга эга бўлдилар. Уларнинг 14 908 нафари имкониятдан самарали фойдаланиб, умумий миқдорда 64 млрд. 517 млн. сўмлик даромад олишга эришди.
Очиқ мулоқот давомида ёшлар ўз таклифлари ва мурожаатларини билдирдилар. Уларнинг аксариятига жойида ечим топилиб, ижроси масъулларга йўналтирилди.
Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати