ТАРИХИЙ ҚОНУН ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ.

 

Ўзбекистон ҳудудида илк бор аҳолини рўйхатга олиш тадбири 1897 йилда амалга оширилган бўлса сўнги марта эса 1989 йилда ўтказилиб, ўша пайтда республикамиз аҳолиси сони 19,7 миллион кишини ташкил этган.

Бундан кўринадики 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аҳолини рўйхатга олиш ишлари ўтказилмаган. Аҳоли сони эса узоқ йиллардан буён жорий ҳисоб бўйича юритилиб келинмоқда. Ҳозирда аҳоли тўғрисидаги мавжуд маълумотлар аҳоли сони, яшаш шароити, маълумоти, бандлиги, ёш-жинс таркиби, миллат таркиби, республика ҳудудида аҳолининг жойлашуви ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар тўғрисида аниқ хулоса ва таҳлиллар қилишга етарлича имконбермайди.

Аҳолини рўйхтаг олиш маълумотларининг одамлар ҳақиқий ҳаёт тарзини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кенг муҳокама ва ҳуқуқий экспертизалардан сўнг 2020 йил 16 март куни қабул қилинди.

Қонун 5 боб, 31 моддадан иборат бўлиб, унда қонуннинг мақсади, асосий тушунчалар, аҳолини рўйхатга олишнинг вазифалари ва принциплари ёритиб берилган. Асосий принциплардан бири сифатида даврийлик принципи, яъни аҳолини рўйхатга олиш ҳар ўн йилда камида бир марта ўтказилиши ҳамда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисидаги қарор, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилиниши белгилаб қўйилган.

Яна бир муҳим принциплардан бири, бу шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги бўлиб, бунда аҳолини рўйхатга олиш жараёнида йиғилган шахсга доир маълумотлар махфий ҳисобланиши, улар респондентнинг розилигисиз ошкор этилмаслиги ва тарқатилмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.

Қонунда респондент тушунчасига ҳам аниқлик киритиб кетилган, яъни респондентлар – аҳолини рўйхатга олиш санасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи, лекин аҳолини рўйхатга олиш санасида унинг ҳудудидан ташқарида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳам респондент ҳисобланиши ёритиб ўтилган.

Шунингдек, Қонунда, аҳолини рўйхатга олишни тартибга солиш соҳасида давлат бошқаруви, махсус ваколатли давлат органи, рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича Республика комиссияси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари, аҳолини рўйхатга олишда иштирок этувчи респондентлар ва рўйхатга олувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тартиби, тадбирларни молиявий таъминлаш асослари белгилаб берилган.