Белорус ҳамкорлар билан ҳамкорликнинг янги даражаси
Наманганнинг жозибадорлиги, янги бунёдкорлик ишлари ва ўзига хос иқлим-шароити хорижликларни ҳам бефарқ қолдирмайди. Айниқса, вилоятга инвестиция киритиш, ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш истагини билдираётган инвесторлар бисёр. Белоруссиялик тадбиркорлар ҳам айни шу мақсадда Наманган вилояти ҳокими қабулида бўлди.
“Сохра” компаниялар гуруҳи раҳбари Александр Зайцев раҳбарлигидаги делегация билан самимий руҳда кечган мулоқотда логистика, мультимодаль марказларини ташкил этиш, мева-сабзавот, сут ва гўшт ҳамда тўқимачилик маҳсулотларини экспортини йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди.
Вилоят ҳокими тақдимотидан сўнг инвесторлар футбол академиялари ўртасида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари юқори эканини таъкидладилар. Шунингдек, гуллар юрти Наманган билан ландшафт дизайн, гулчиликни ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорлик алоҳида эътиборга молик эканини айтиб ўтдилар.
Шунингдек, савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, юкларни авиа-ҳаво йўли орқали ташиш, нарх-наво масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Учрашув якунида наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда Белорус Республикасининг “Сохра” компаниялар гуруҳи ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзоланди.