Ёшлар билан мулоқот давом этади, энди ҳар сафар аввалги учрашув натижалари ҳисоботи тингланади

Тўрақўрғон туманидаги тўртта сектор раҳбарларининг ёшлар билан очиқ мулоқоти бу гал 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ўтказилди. Унда барча маҳаллалардан келган йигит-қизларнинг мурожаатлари тингланди.

Жумладан, туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Шерали Қосимовга ишга жойлашиш, моддий ёрдам олиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, 2-сектор раҳбари, туман прокурори Аҳмадхон Юсуповга банк кредити, субсидия асосида мотокультиватор ажратилиши, 3-сектор раҳбари, ИИБ бошлиғи Улуғбек Муродуллаевга контракт тўлови, газ баллон зарурати, 4-сектор раҳбари, ДСИ бошлиғи Мирзали Исомиддиновга олийгоҳнинг 3-босқичида ўқиётган талабадан ишга жойлашиш, кўмир олиш масалаларида кўмак сўралди.

Учрашувда қатнашаётган тегишли ташкилот ва муассасалар вакиллари билан мурожаатларга ечимга изланди, айримлари жойида ҳал этилди.

Туман раҳбарининг топшириғига кўра, энди ҳар гал Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари аввалги учрашувлардаги рўйхатга олинган мурожаатлар натижаси ҳақида ҳисоб беради. Бу ўтказилаётган мулоқотларнинг самарасини белгилайди.