#яшил_макон

Кўчат экиш акцияси меҳнат байрамига айланди

Вилоятимизнинг барча туманларида бўлгани каби Тўрақўрғонда ҳам Президентимиз ташаббуслари билан бошланган “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўплаб ишлар амалга оширилди. Кейинги уч йил давомида экилган кўчатлар сони 4 миллион донадан ортиб кетди.

Бугун яна 30.000 туп кўчатлар, кузги гуллар ўтқазилди. Унда нуронийлар, ёшлар вакиллари, кенг жамоатчилик иштирок этишди. Исҳоқхон Ибрат мажмуаси боғидан бошланган ҳаракат туманнинг марказий кўчалари, автомагистрал йўл бўйлари, дала майдонлари, маҳаллаларда давом этди. 189 та эҳтиёжманд хонадонга 2000 тупдан зиёд ўрик, шафтоли, гилос, бодом кўчатлари тарқатилди. Сектор раҳбарлари ўз хизмат уйларида томорқадан фойдаланиш бўйича намуна кўрсатишди.

Кузги мавсумда ўтқазилган ниҳоллар баҳордагига қараганда кўпроқ парваришни талаб этади. Совуқ ҳавода уларнинг нобуд бўлмаслиги алоҳида эътиборга олинди.

Туман йўлларидан ўтган киши катта ҳажмда ободонлаштириш ишлари олиб борилганига гувоҳ бўлади. Ҳашар ишлари давом этади.