Мактаб спорт майдонига эга бўлди
Конституциямиз қабул қилинганлигининг 32 йиллиги байрами арафасида Гулистон маҳалласи ҳудудида жойлашган 15-умумтаълим мактабида янги спорт майдони фойдаланишга топширилди. Унда Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимов, сектор раҳбарлари, маҳалла аҳолиси вакиллари иштирок этишди.
Спорт соғлом турмуш тарзининг асосий манбаасидир. Жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланганлар соғлом ҳаёт кечирадилар. Шуни эътиборга олиб, юртимизда спортни ривожлантириш, унга барча ёшдагиларни қамраб олишга катта эътибор қаратилмоқда. Яқинда муҳтарам Президентимиз раҳбарликларида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам ҳар ҳафтанинг бир кунини спортга бағишлаш белгиланди.
Шу ўринда айтиш ўринлики, болаларни ёшлигидан чиниқиб вояга етишларида ҳам спортнинг ўрни беқиёс. Бугун мазкур мактабда Инвестиция дастури асосида ажратилган 1 млрд. 476 млн. сўм маблағ эвазига қад ростлаган спорт майдони ҳам шу мақсадга хизмат қилади, албатта.