ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИ ДОИМИЙ ҲИМОЯДА

Тараққиётимизнинг ҳозирги босқичида хотин-қизлар ва гендер тенглик масаласи ниҳоятда долзарб ва бу давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Шу маънода Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси зиммасидаги вазифалар кўлами ниҳоятда кенг. Улар жойларга бориб, юзма-юз учрашувлар ўтказиб, аёлларнинг жамиятдаги ролини янада мустаҳкамлаш учун амалий ёрдамлар кўрсатиб келишяпти.

Ана шундай тадбир Тўрақўрғон туманида қўмита аъзоси Маҳмуджон Парпиев ва Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг котибият мудири Равшанбек Абдуллаевлар иштирокида бўлиб ўтди. Сенатор кейинги 5 йил ичида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида 42 та ҳужжатлар қабул қилингани, шулар асосида амалга оширилаётган ишлар ва натижалар хусусида гапирди. Айниқса, “Аёллар дафтари”нинг ташкил этилгани ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга кўрсатилаётган кўмаклар туфайли ўз ҳаётидан мамнун бўлиб яшашларига имкон яратди.

Иштирокчилар мулоҳазалари, таклифлари, муаммолари юзасидан Маҳмуджон Парпиевга мурожаат этишди. Жумладан, Дукат маҳалласида яшовчи Дилшода Юсуфжонова ёритувчи сунъий гуллар ясаб, Корея ва Туркия давлатларига экспорт қилиш ниятида эканлиги, Исавхон маҳалласидан қандолатчилик билан шуғулланаётган Қундузхон Долимова фаолиятини янада кенгайтириш учун банк кредитига муҳтожлиги, Ёртепакўчалик Сожида Ражабова оилавий боғча очмоқчилиги, Кичик Қўрғончада яшовчи Дилфуза Каримова 2 та боқувчиси йўқ шогирдларига субсидия асосида тикув машинаси олиш зарурати борлигини билдиришди. Шу билан бирга туман ҳокимлиги кўмагида кредит олиб, тадбиркорлигини йўлга қўйган ва шу орқали “Аёллар дафтари”дан чиқарилганлар миннатдорчилик изҳор этишди. Туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Шоҳистахон Қамбарова туман аёллари шундай изланишда давом этиб, янги муваффақиятларни қўлга киритишларига ишонч билдирди.