Тўрақўрғонда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32 йиллик байрами кенг нишонланди

Маданият марказида ташкил этилган тантанали тадбирда сектор раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари, ташкилот ва корхоналар масъуллари, депутатлар, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Туман ҳокими Шерали Қосимов барчани ушбу қутлуғ айём билан табриклар экан, эътироф этилганидек, давлатимиз шу йиллар давомида босиб ўтган ғоят мураккаб ва шарафли йўл Бош Қомусимизнинг ҳаётбахш кучи ва улкан салоҳиятидан далолат беради.

Асосий қонунимиз негизида яратилган Ҳаракатлар стратегияси бугунги кунда жонажон Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда, тадбиркорликни ривожлантириш, халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, одамларнинг ташвиш-муаммоларини ҳал этиш, уларни рози қилишда беқиёс ўрин эгалламоқда.

Агар дунё мамлакатлари Конституцияларида инсоннинг 110 дан ортиқ ҳуқуқи қайд этилганини ҳисобга олсак, ҳозирги кунда шундан 90 таси янги таҳрирдаги Конституциямизда мавжуд. Яъни бу Конституция, том маънода, ўзбекона “Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги улкан қўлланма”га айланди, дейишга барча асослар бор.

Шундай фикрлар туман адлия бўлими бошлиғи Фароғат Раззоқованинг маърузасида ҳам акс этди.

Байрам тадбирида туман маданият бўлими жамоасининг Бош Қомусимиз, Ватан мадҳи жамланган бадиий дастури, ёш ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.