#бугун_қабул
Тўрақўрғон тумани ҳокимининг жисмоний ва юридик шахслар учун навбатдаги қабули бўлиб ўтди. Туман раҳбари хизмат сафарида эканлиги боис мурожаатларни унинг биринчи ўринбосари Қудратилла Соходуллаев ва туман “Халқ қабулхонаси” мудири Бекмурод Исаков биргаликда тинглашди.
Мурожаатларнинг аксарияти қиш мавсуми муаммолари билан боғлиқ. Жумладан, Узумзор маҳалласидан келган Маҳфират Аслонова кўмир олиш, чусткўприклик Мадина Турғунова уй-жой масаласи, лангарбоболик Бекзод Жумаев бир марталик моддий ёрдам сўрашди. Шунингдек, Обод маҳалласида яшовчи Саида Имомбердиева болалар нафақаси ажратилиши, Куймозордан Дилдора Миралиева турмуш ўртоғини ҳамда гулқишлоқлик Наргиза Абдусаломова фарзандини даволатишда кўмак кераклигини билдиришди.
Мурожаатлар қабул жойининг ўзида масъуллар билан кўриб чиқилди ва назоратга олинди. Қабулдан сўнг Файзиобод маҳалласида яшовчи Соҳиба Ўринбоеванинг мурожаатига кўра, унинг яшаш хонадони ўрганилди ва шароитларини яхшилаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.