Семинар

ҒАЛЛА ЭКИШГА ТАЙЁРГАРЛИК: НЕГА БУНЧА ЭРТА?

Барча туманларда бўлгани каби Тўрақўрғонда ҳам одатда, келгуси йил ғалла ҳосилига тайёргарлик авжи пахта терими давом этаётган паллада амалга ошириларди, яъни, ғўза қатор ораларига октябр-ноябр ойларида уруғ сепиларди. Бу йил эса августнинг ярмидан бошлаб ҳозирлик кўриляпти, нега бунча эрта?

“Борилла Акбарович” фермер хўжалигида ушбу масалага бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда республика Уруғчиликни ривожлантириш маркази вилоят бошқармаси раҳбари Ойбек Ҳайдаров, туман ҳокимининг қишлоқ хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Тўлқинжон Ботиров ва туман қишлоқ хўжалик бўлими бошлиғи Ҳакимжон Раҳимов иштирок этишди. Айтиб ўтилганидек, деҳқончиликда “эрта эккан-эрта ўради”, деган нақл ҳамиша исботини топган. Табиий иссиқ кунларда тупроққа тушган уруғ албатта серҳосил ва касалликларга чидамли бўлиб унади.

Туманда 2022 йил учун 4880 гектар майдонга, шундан 700 гектар очиқ майдонга, 4180 гектар ғўза қатор ораларига бошоқли дон экиш режалаштирилган.

Семинарда фермерларга ерларни экишга сифатли тайёрлаш ва бошқа агротехник тадбирлар бўйича тавсиялар берилди.