Банк муассасалари аҳоли даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш, фуқароларнинг ўзини ўзи банд қилишида энг яқин кўмакчи бўлиши зарур
Кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида банк хизматлари орқали маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш бўйича жорий йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил учун асосий режалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Банк хизматларининг маҳалла даражасигача туширилгани яхши натижа бераётгани қайд этилди.
2025 йил бандликни таъминлаш ва камбағалликдан чиқаришда энг муҳим ва ҳал қилувчи йил бўлади, дейилди йиғилишда. Туманларда маҳалла банкирлари фаолиятини йўлга қўйилади ва улар маҳалланинг бизнес имкониятларини ўрганади, одамлар билан гаплашиб, уларнинг ғояларини лойиҳаларга айлантиради. Аҳолини кредит олиш, қайтариш, бизнес очиш, маҳсулотини сотишга ўргатади, лойиҳаларга ҳамроҳлик қилади.
Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимов бугун тумандаги банк муассасалари ходимлари билан мулоқотда ана шу топшириқларга яна бир бор тўхталиб, уларни амалга ошириш механизмларини тушунтирди. Банклар маҳаллаларга бириктирилиб, ҳоким ёрдамчилари билан ижобий натижага эришиш учун ҳозирдан келгуси йил режаларини тузишлари топширилди.