Тўрақўрғон туманида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланди
Байрам тадбири Давлат мадҳияси билан бошланди. Сўнгра туман ҳокими Шерали Қосимов йиғилганларни ушбу қутлуғ кун билан табриклаб, самимий тилакларни билдирди. Унда айтилганидек, дунёда тинчлик деган улуғ неъмат борки, уни ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Минг бор шукурлар айтамизки, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Шу туфайли ҳам барчамиз ўз оиламиз, жамоамиз даврасида бахтиёр умргузаронлик қилмоқдамиз.
Ушбу қутлуғ айём том маънодаги умумхалқ байрамига, азалдан халқимизга хос бўлган ватанпарварлик, мардлик ва жасурлик каби юксак фазилатлар тимсолига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.
Тадбирда бир гуруҳ ҳарбий соҳа вакиллари “Ватан ҳимоячиси” кўкрак нишони, Ташаккурнома ҳамда совғаларга эга бўлдилар. Шунингдек, яқинда нишонланган прокуратура органлари ходимлари куни муносабати билан туман прокурори А. Юсупов ҳамда 2-сектор котиби Ф. Қаюмовлар ҳам тақдирландилар.
Байрам туман маданият бўлимининг “Дилшод” халқ ансамбли, “Ниҳол” халқ театри жамоалари, хушовоз хонандалар, “Овоз” лойиҳасининг мутлоқ ғолиби Қодирхон Валижонов, умумтаълим мактабларидаги “Жасорат” клуби аъзоларининг чиқишлари билан файзга тўлди.
Бу каби фарахбахш тадбирлар туманимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.






