Тўрақўрғон туманида жойлашган "Ифтихор кийим-саноат” корхонасида меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди
Хабар қилинганидек, ушбу корхона Германия ва Италия давлатлари ишбилармонлари билан ҳамкорликда калава ип ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, лойиҳа қиймати 197,8 млн. доллар, йиллик қуввати 80 минг тоннани ташкил этади.
Жорий йилнинг 2-чорагида корхонанинг биринчи босқичи ишга туширилади. Бу ерда 2000 та янги иш ўринлари яратилади. Шуни ҳисобга олиб туман Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими томонидан меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Унда маҳаллалардан келган ишсизлар, миграциядан қайтганлар, ИИБ пробация гуруҳи назоратида турган фуқаролар иштирок этишди.
Меҳнат ярмаркасида ип йигирувчи, АйТИ мутахассислари, шунингдек, техник ходимларга талаб борлиги айтилди ва илк босқич учун уч навбатга 300 нафар ишчи қабул қилинади. Уларга бепул иссиқ овқат, транспорт, меҳнат қонунлари бўйича иш стажи йўлга қўйилади. “Устоз-шогирд” анъанаси бўйича ёшларга ҳунар ўргатилади.
Тадбирда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Қ. Соходуллаев, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вилоят бўлими бош мутахассиси А. Манноновлар иш изловчиларга керакли тушунтиришлар беришди.
Иштирокчилар корхона фаолияти, тўла автоматлаштирилган меҳнат жараёнлари билан танишдилар. 130 нафардан ортиқ фуқаролар “Ифтихор кийим саноат”ни танлаб, ўз маълумотларини тақдим этдилар.
Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.