#семинар
Пахта экин майдонлари қисқариб бораётган бир пайтда юқори ҳосилдорликни таъминловчи, ҳашаротларга чидамли янги навларни танлаб экиш ва уларни оммалаштириш мақсадга мувофиқ.
Тўрақўрғондаги “Комилов Турсунбой” фермер хўжалигида 2025 йил пахта ҳосили учун Хитой (Шинжон) технологияси усулида 76х10 схемада хорижий чигит навлари экишга техника ва механизмларни мослаштириш, экиш агротехнологиясида бир йўла томчилатиб суғоришни жорий этиб, плёнка остига экиш ишларини фермер ва кластерларга тушунтириш бўйича семинар ўтказилди. Унда Косонсой ва мазкур туман вакиллари иштирок этишди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ўтган йили Тўрақўрғонда 12 та фермер хўжалигида хорижий нав экилган бўлса, бу йил улар сони 15 тага етказилади ва 750 гектар майдонга экилади. 35 та фермер эса Хитой технологияси асосида томчилатиб суғоришдан фойдаланмоқда.
Семинарда туман ҳокими Шерали Қосимов, Ғўза уруғчилиги селекцияси Наманган тажриба станцияси раҳбари Ҳабибулло Ҳожиматов, тажрибали фермер Баҳодир Тожибоевлар янги навнинг афзалликлари ҳақида батафсил маълумот беришди.






