Мен ким Бобур авлоди | Бу йил жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган бетакрор сиймолардан бири, буюк шоир, қомусий олим, давлат арбоби ва моҳир саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига 542 йил тўлди. Ушбу санани кенг нишонлаш тўғрисидаги Наманган вилояти ҳокими белгилаган чора-тадбирлар режасига асосан кенг кўламли ишлар олиб борилди.
Ахсикент Заҳириддин Муҳаммад Бобур киндик қони тўкилган ва 12 ёшида тахтга ўтирган шаҳар сифатида табаррукдир. Шу боис ҳар йилгидек, бу ерда вилоят ва Тўрақўрғон тумани ҳокимликлари, Ахсикент археология парки ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида «Мен ким Бобур авлоди» деб номланган тадбир ўтказилди.
Маънавият ва маърифат байрамига айланиб кетган анжуман гавҳари сифатида Наманган вилоят театри томонидан саҳналаштирилган чиқиш эътирофга сазовор бўлди, шоир ва туман маданият бўлими вакиллари Бобур ҳаёти ҳамда ижодини тараннум этдилар. Таниқли рассом Алижон Турдиалиевнинг суратлар кўргазмаси барчанинг эътиборини тортди. Зиёратчилар очиқ осмон остидаги музейдаги янгиликлар билан танишдилар.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов, туман ҳокими ўринбосари Икромжон Парпиев, ёшлар, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.