Ҳар ҳафтада ўтказилаётган сектор раҳбарларининг ёшлар билан учрашуви Тўрақўрғон тумани ихтисослаштирилган мактабида мигрантлар иштирокида онлайн тарзда ташкилланди.

Раҳбарларга хорижда кам даромад топаётган ёшларимизни мамлакатимизга қайтариш чораларини кўриш топширилган. Биргина Тўрақўрғон туманида қурилиш, саноат, тадбиркорлик йўналишларида 500 дан ортиқ бўш иш ўринлари бор. Куни кеча Президентимиз раҳбарликларида бўлиб ўтган селектор йиғилишида ҳам ёшлар бандлиги муҳим вазифа сифатида белгиланди.

Мулоқотда сектор раҳбарлари турли давлатларда ишлаётган мигрантлар билан суҳбатлашишди. Уларнинг иш шароитлари, маош миқдори, шу билан бирга муаммолари ҳақида суриштирилди. Юртга қайтиш ниятидаги ёшлар туманимизда бўлаётган ижобий ўзгаришларни ёшлар етакчилари, оила аъзолари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боришаётгани ва бундан руҳланишаётганини билдиришди.

Мулоқотда мигрантларнинг ота-оналари ҳам қатнашиб, айрим масалаларда кўмак сўрашди ва улар назоратга олинди. Учрашувдан сўнг сектор раҳбарлари мазкур муассасанинг битирувчи синф ўқувчилари билан келажак орзулари ҳақида суҳбатлашишди.