Драйвер лойиҳалари амалга оширилади
Тўрақўрғон туманида “Зарбдор тажрибаси” асосида драйвер лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишида жами 6 та лойиҳалар шакллантирилган.
Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун Республика бюджетидан маблағлар ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, молиялаштириш икки босқичда амалга ошириш белгиланган.
Шундан, “Зарбдор тажрибаси”нинг 1-босқичида 2 та лойиҳа учун 6,2 млрд. сўм ажратиш белгиланган бўлиб, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Қ.Соходиллаев, вилоят Иқтисодиёт ва молия бошқармаси ходими Б. Нажмиддинов, маҳалла фаоллари, тадбиркорлар ҳамда масъул идора вакиллари лойиҳалар билан яқиндан танишдилар.
Унга кўра, туман марказидаги “Янгиобод" МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи "Косонсой" сойининг 2,6 км. қирғоқ қисмини қисқартириш ва бетонлаш орқали фойдаланилмаётган ер майдонида 30 тадан зиёд савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади.
“Кумидон" МФЙ ҳудудидаги 10 гектар майдонда жойлашган кичик саноат зонасининг 5 гектар ҳудудини текислаш орқали ер майдонларини 15 та лотларга бўлинган ҳолда аукцион савдоларига чиқариш орқали саноат лойиҳалари ташкил этилади.
Ушбу лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 100 тадан зиёд янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, 505 та янги иш ўринлари яратилади ҳамда аҳоли ва меҳмонлар учун қулайлик яратиш билан бирга, тадбиркорлик муҳитини ривожлантиришга хизмат қилади.