ЯНГИЧА КЎРИНИШДАГИ УЙ-ЖОЙ МУСТАҚИЛЛИК БАЙРАМИ АРАФАСИДА ЎЗ ЭГАЛАРИГА ТОПШИРИЛАДИ
Тўрақўрғон марказидаги Агробанк, туман прокуратураси, ФҲДЁ сингари идоралар жойлашган Ал Фарғоний кўчасида қад ростлаган муҳташам турар-жой мажмуасига кўпчиликнинг назарига тушган бўлса керак. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллиги куни арафасида ана шу бинони фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Ҳозир эса мазкур ҳудуд ободонлаштириляпти, бино ичида эса пардозлаш ишлари охирига етказилмоқда.
- Корхонамиз томонидан бир неча босқичда турар-жой мажмуаларини қуриб, эгаларига топшириш режалаштирилган. 1 сентябрга дастлабки 29 та хонадон тўла битказилади, - дейди «Акташ глобал трейди» хусусий корхонаси иш юритувчиси Орифхон Мансуров. – Кейин эса яна шунча хонадонда яшаш учун шароит яратилади.
Ҳали пардозлаш юмушлари охирига етказилмаган бўлса-да, шундоғам шинам тус олган уйларни кўриб, очиғи, ҳавасимиз келди. Чунки улар аввалги «дом»лардагидек тор ва биқиқ эмас. Ҳаттоки даҳлиз (коридор) ҳам кенг. 2 хоналисида бемалол битта оила рўзғор тебратса бўлади. 3 хоналиси эса жудаям қулай.
16 миллиард сўм харажат қилинаётган мазкур қурилиш объектини ҳамюртларимиз узоқ муддатли ипотека кредити асосида олишмоқда. Бу эса аҳоли учун яна бир ғамхўрлик демак.