Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев Тўрақўрғон туманидаги “Рунамтекс” МЧЖда бўлди

“Ёшлар” кичик саноат зонасида жойлашган ушбу корхона бир гектар майдонни эгаллаган, йилига 1 млн. 200 минг тонна, 10 млн. долларлик қийматдаги трикотаж маҳсулотлари Европа давлатларига экспорт қилинади. Бу ерда 700 та янги иш ўрни яратилди. Замонавий андозадаги маҳсулотларнинг сифати ва кўриниши жаҳон бозорида харидоргир бўлиб бормоқда. Биргина жорий йилнинг икки ойида 3 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинди.

Ҳозирда корхонада лойиҳанинг 2-босқичини ишга тушириш ҳаракати олиб бориляпти. Бунда яна 200 та янги иш ўринлари яратилади.

Б. Валиев корхона фаолияти ва ишчиларга яратилган шароитлар билан танишди. Мулоқотда корхона раҳбари Маҳфуза Гюмюш ҳозирда қурилиш ишлари якунига етганини айтиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат хавфсизлиги унитар корхонасидан хориждан олиб келинаётган ускуналар учун хулоса олишда кўмак сўради.

Ушбу масала Бош прокурор ўринбосари томонидан назоратга олинди.