Сизҳамиша муқаддассиз, муқаддас аёл! 

Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган. Айниқса, бу баҳор фаслининг энг дилбар айёми – Халқаро хотин-қизлар кунида янада яққол намоён бўлади.

Тўрақўрғон тумани маданият марказида шу қутлуғ кунга бағишланган катта байрам дастури бўлиб ўтди.

Туман ҳокими Шерали Қосимов йиғилганларни табриклар экан, “Президентимиз бошчиликларидаги давлатимиз, халқимизнинг хотин-қизларга нисбатан юксак ҳурмат ва эҳтироми туфайли уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар йилдан-йилга янги босқичларга кўтарилмоқда. Бугунги кунда муҳтарама аёлларимиз жамиятимизда олиб борилаётган ўзгариш ва янгиланишлар жараёнида, бошқарув тизимида, тадбиркорлик, илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат соҳаларида, маҳаллаларда қанчалик фидокорона меҳнат қилиб келаётганини ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз”, дея алоҳида эътироф этди.

Байрам муносабати билан бир гуруҳ фаол хотин-қизлар тақдирланди.

Тадбирда эл суйган хонандалар Ҳамид Маллабоев, Жалолиддин Усмонов, Шавкат Ҳамдамов ҳамда туманимизнинг истеъдодли санъаткорлари аёллар мадҳ этилган куй-қўшиқлар билан даврага файз бағишладилар.