#семинар
“Тўрақўрғонда плёнка остига чигит экишга ҳам, томчилатиб суғоришга ҳам вилоятда биринчилардан бўлиб киришилган. Бу тажрибани барча фермерлар қўллаши керак”
Тумандаги “Зумрад, Ибрат” фермер хўжалиги даласида шу мавзуга бағишланган семинарда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этиб, юқоридаги фикрларни билдирди.
Жорий йилда туманда 3060 гектар майдонда пахта етиштириш режалаштирилган, шундан 42 та фермер хўжалигидаги 1600 гектар ерга хорижий нав жойлаштирилади. Бунинг афзаллиги эртапишар ва юқори ҳосилдорлигидир. Шунингдек, 1489 гектар пахта майдони томчилатиб, 750 гектар ғаллазор ёмғирлатиб суғоришга мослаштирилди. 2024-2025 йилларда 141 километр ички ариқларни бетонлаштириш мўлжал қилиниб, айни пайтгача 102, 7 километри уддаланди.
Семинар давомида вилоят ҳокими томонидан пахтани фақат 76х10 схемада экиш, бунда ер ҳамда кўчат сони ортиши ҳисобига қўшимча 14 фоиз самарадорликка эришиш мумкинлиги таъкидлаб ўтилди. Дала четларига мевали кўчатлар ўтқазиш, ғалла парвариши билан боғлиқ масалалар, экиш ишларига техникалар тайёргарлиги ҳам кун тартибида бўлди.
Тадбир сўнггида нуронийлар иштирокида яхши ниятлар билан чигит экишга фотиҳа берилди.