85 ТА ОИЛА МЕҲР-МУРУВВАТДАН БАҲРАМАНД БЎЛДИ

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида Президент қарорига асосан Тўрақўрғон туманидаги 85 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларда истиқомат қилувчи 171 нафар мактаб ёшидаги фарзандларнинг ҳар бирига 500 минг сўмдан бир марталик пул берилгани юртимизда инсон қадр-қиммати нақадар улуғланаётганига яна бир далолатдир.

Бозорбоши маҳалласида яшовчи Назира Қосимованинг тўрт нафар фарзанди бор. Оилага икки миллион сўм берилганидан болажонлар ўта хурсанд. Чунки мактабга боришларига ўқув қуроллари, кийим-кечак олишда муаммо йўқ. Ҳамид Олимжон маҳалласида яшовчи Дилшода Юлдашева эса Тўрақўрғон 1-касб-ҳунар мактабида тикувчилик бўйича таҳсил олаётгани, ўзи ва укасига берилган бир миллион сўм ўзларининг кам-кўстини битиришда ота-онасига катта ёрдам бўлганини, келгусида Юртбошимиз ишонган иқтидорли ёшлар сафига қўшилишини билдирди.

Туман бўйича жами 85 миллион 500 минг сўм маблағ мана шундай эҳтиёжманд хонадонларга тарқатилди.