Тўрақўрғон туманидаги “Рунамтекс” МЧЖнинг иккинчи корхонаси ишга тушди. Очилиш маросимида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этди.

“Ёшлар” кичик саноат зонасида жойлашган ушбу корхона бир гектар майдонни эгаллаган, йилига 1 млн. 200 минг тонна, 10 млн. долларлик қийматдаги трикотаж маҳсулотлари Европа давлатларига экспорт қилинади. Бу ерда 700 та янги иш ўрни яратилган. Замонавий андозадаги маҳсулотларнинг сифати ва кўриниши жаҳон бозорида харидоргир бўлиб бормоқда. Биргина жорий йилнинг икки ойида 3 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинди.

Бугун мазкур МЧЖнинг иккинчи корхонаси ишга тушди. Мазкур лойиҳага 2 миллион доллар хорижий сармоя киритилди ва йилига 8 минг тонна трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Энг муҳими, яна 200 та янги иш ўрни яратилди.

Корхонанинг очилиш маросимида иштирок этган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов тадбиркорларга билдирилган ишонч ва берилаётган имтиёзлар хусусида тўхталиб, уларнинг мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига қўшаётган ҳиссаси халқимиз ҳаётини янада яхшилашга хизмат қилаётганини эътироф этди.