Шовонда ободлик: маҳалланинг янги биноси қурилиши бошланди
Вилоятимизнинг тўртта туманидан бири сифатида Тўрақўрғоннинг Шовон маҳалласида "Обод хонадон-обод кўча-обод маҳалла" тамойили асосида ишлар давом этмоқда.
Ҳозиргача 1.1 километраж ичимлик суви тармоғи тортиб бўлинди. "Камбағалликдан фаровонлик сари" давлат дастури доирасида электр таъминотини яхшилаш мақсади учун 2 та янги трансформатор, 300 та бетон таянчлар ўрнатиш давом этяпти, томорқа суғориш тармоғига 2 та насос тахт ҳолатга келтирилди.
Эндиги навбат 1966 йилда қурилиб, дўкон, шийпон, мактаб сифатида фойдаланилган, охирги йилларда маҳалла фуқаролар йиғини жойлашган бинони янгилашга.
Бугун "Ўзбекнефтгаз" АЖ ҳомийлигида барпо этиладиган янги бинога пойдевор қўйилди. Туман ҳокими Шерали Қосимов нуронийлар билан қурилиш ишини бошлаб беришди. Янги бино 12 та хонадан иборат бўлиб, ҳудудга кўрк бағишлайди ҳамда маҳалла еттилигининг самарали фаолият кўрсатишига шароит яратилади.






