Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Тўрақўрғон туманида шу куннинг долзарб вазифалари ижроси билан танишди.
Ҳозирда далаларга экилган чигитнинг тўлиқ униб чиқишини таъминлаш, ғалла парваришига эътибор қаратиш энг муҳим агротехник тадбирлар ҳисобланади.
Вазир вилоят ҳокими ўринбосари Анваржон Ҳакимов ҳамроҳлигида тумандаги "Бахтиёр, Неъматжон, Шавкатжон" фермер хўжалиги, Наманган ғўза селекцияси илмий-тажриба станциясида томчилатиб суғориш технологиясидан фойдаланиш, ғўза ҳамда ғалла парвариши билан боғлиқ агротехник тадбирларни кўздан кечирди.
Шу билан бирга фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни қайта ўзлаштириб, боғлар яратаётган, тўқсонбости экинлар экиб, баҳорги бозорни тўлдираётган соҳибкорлар билан учрашди.
"Комилов Турсунбой" фермер хўжалигида ўрганиш якунларига бағишланган йиғилиш ҳам ўтказилди. Унда натижалар баробарида камчиликлар ҳам айтиб ўтилди ва уларни бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди.






