Уч авлод учрашуви: илм-фан фидоийларига эҳтиром
Вилоят ҳокимлиги ва “Нуроний” жамғармаси ташаббуси билан бу йил илк марта хайрли ишга қўл урилди. Наманганнинг барча туманларида туғилиб-ўсган, умрини илм-фанга бағишлаган инсонлар иштирокида “Уч авлод учрашуви” ташкил этилмоқда.
Тўрақўрғондаги “Ҳумо” мажмуасида ҳам ана шундай тадбир катта кўтаринкиликда ўтказилди. Пойтахтимиз ҳамда вилоятимиздаги жамоат ва таълим даргоҳларида меҳнат қилиб келаётган тумандош профессор-олимлар, улар қаторида фаол нуронийлар, иқтидорли ёшлар вакиллари давра тўридан жой олдилар.
Туман ҳокими Шерали Қосимов илму фан фидоийларини эъзозлаш миллий қадриятларимизнинг ажралмас бўлаги эканлиги, инсон ақли ва салоҳиятининг маҳсули бўлган илмий, ижодий ва бадиий асарлар йиллар ўтган сайин янада қадр топиб, жамият тараққиётига хизмат қилишини ўз сўзида баён этди.
Тадбирда вилоят “Нуроний” жамғармаси раиси Икромхон Нажмиддинов, меҳнат фахрийлари Абдулхай домла Турсунов, Умматали Шамсиев, профессор Абдулҳамид Анорбоев ва бошқалар ёшлар билим чўққиларини пухта эгаллаб, олимларнинг муносиб вориси бўлишларини тиладилар.
Турон ФА номидан бир гуруҳ фаолларга турли номдаги эсдалик кўкрак нишонлари топширилди. Шунингдек, туман ҳокимлигининг Ташаккурнома ва эсдалик совғалари тақдим этилди.






