Халқ депутатлари туман Кенгашининг еттинчи сессияси бўлиб ўтди

Сессия ишини Халқ депутатлари туман Кенгаши раиси, туман ҳокими Шерали Қосимов олиб борди.

Кун тартибидаги туман прокуратураси томонидан 2025 йилнинг 1-чорагида қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ - тартиботни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан туман прокурори Аҳмадхон Юсуповнинг таҳлилий маърузаси тингланди.

Унда ахборот берилганидек, жумладан, қонунлар ижроси юзасидан ўтказилган 15 та текширишларда аниқланган 300 га яқин қонунбузилиши ҳолатларининг 246 таси прокурор назорати ҳужжатларини қўллаш орқали бартараф этиш чоралари кўрилган. Етказилган 4 миллиард сўм зарар текшириш ва тергов жараёнларида ундирилиб, 500 нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

“Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги Ф-18-сонли фармойишини туманда ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Қудратбек Соходуллаев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва беҳуда сарфланишининг олдини олиш ҳамда энергия самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–133-сон қарори ижроси ҳақида туман ҳокимининг ўринбосари Фазлиддин Маҳмудовларнинг ахборотлари ҳам тингланди.

Сессияда депутатларга ҳавола этилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.