#ташаббус
Яна бир маҳаллада ҳомийлик асосида йўллар асфальтланмоқда
Тўрақўрғон туманининг кўплаб маҳаллаларида аҳоли вакиллари ташаббуслари билан ички йўлларни асфальтлаш ишлари бажарилмоқда.
Халқимизда сув чиқарган, кўприк қурган ва йўлларни обод қилган инсонлар катта савобга эга бўлишлари ҳақида ҳикматлар кўп.
Катта қўрғонча маҳалласининг “Муборак” кўчасида 100 та хонадон бўлиб, уларда яшовчилар асосан мева-сабзавот экспорти ишлари билан шуғулланишади. Ҳозир айни мавсум бошланган палла. Демак, уларга ҳам равон йўл ва бошқа шароитлар зарур. Шу боис яқинда туман ҳокимининг кўмаги билан маҳаллага электр таъминотини яхшилаш учун 15 та бетон таянч ажратилиб ўрнатилди. Яна 110 метр сип кабел тортилади, замонавий кўча чироқлари ўрнатилади.
Бугун шу кўчадаги 1 километр йўлни маҳаллада ҳомийлик асосида асфальтлаш ишлари бошланди. Бу халқимизнинг аҳил ва шукроналик билан ҳаёт кечираётганлари ифодасидир.






