Хотира – абадий, қадр – муқаддас!
Бугун барча ватандошларимиз, бутун халқимиз Хотира ва қадрлаш куни деб ном олган улуғ айёмни, фашизм устидан қозонилган ғалабанинг шонли 80 йиллигини кенг нишонламоқда.
Тўрақўрғон тумани марказидаги Хотира хиёбонида шу муносабат билан кенг жамоатчилик иштирокида тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Дастлаб Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
Туман ҳокими Шерали Қосимовнинг табрик сўзида эътироф этилганидек, шу кунларда барчамиз ўз инсоний бурчимизни адо этиб, бугунги тинч ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз учун курашган азиз инсонларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатамиз, урушдан қайтмаганларнинг ўчмас хотираси олдида бош эгамиз.
Ўша машъум 1941-1945 йилларда тўрақўрғонликлар ҳам ўз фарзандларини фронтга кузатдилар. Уруш давомида туманимиздан 2450 кишининг қаҳрамонона кураши расман эътироф этилган. Афсуски, бугун уларнинг бирорталари ҳаёт эмас. Биз бу азиз инсонларнинг хотираларини доимий ёдда сақлаймиз, уларга муносиб бўлишга бурчлимиз.
Тадбирда урушни қоралаб, тинчликни улуғлашга бағишланган саҳна кўринишлари, куй-қўшиқлар ижро этилди. “Ватанпарвар” ташкилоти туман ЎСТКнинг автоюришлари байрам тадбирлари туманимиз бўйлаб давом этаётганига ишора берди.
Хотира ва қадрлаш куни муборак бўлсин, азиз дўстлар!






