Тўрақўрғонлик зиёратчилар муборак Ҳаж сафарига кузатилдилар
Бу йилги мавсумда тумандан жами 100 нафар фуқаролар муқаддас Каъбатуллоҳни зиёрат қилишдек улуғ бахтга эришадилар. Улар бугун “Ҳумо” мажмуасида эҳтиром билан кузатиб қўйилди.
Маросимда туман ҳокими Шерали Қосимов, ҳуқуқ органлари раҳбарлари иштирок этишди. Бир пиёла чой устида зиёратчиларга оқ йўл тиланди.
-Умрим бўйи деҳқончилик билан бандман. Президентимиз яратиб берган шароитлар туфайли қишлоқ хўжалигидаги муваффақиятлардан баҳраманд бўлиб, кўп тармоқли фермер хўжалигига айландик. Ҳар йили пилла, ғалла, пахтадан юқори ҳосил олиб келяпмиз. Мана, муборак Ҳаж зиёратига бориш насиб этиб турибди. Буни ҳалол меҳнатимга мукофот деб биламан,-дейди уста пахтакорлардан бири Санобар Раҳмонова.
Зиёратчилар сафида жамият ривожига ҳисса қўшган тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, меҳнат фахрийлари, яна кўплаб касб эгалари бор.
Улар бугуннинг ўзидаёқ замонавий самолётларда манзилга жўнаб кетадилар.






