#семинар

Серҳосил ва эртапишар ғалла навлари Наманганда яратилмоқда

Дунёда иқлим ўзгариши туфайли қишлоқ хўжалиги соҳасини тубдан ислоҳ қилиш зарурати юзага келди. Бугунги кунда мева-сабзавотдан тортиб чорвачилик, пахта-ғалла ҳосили етиштиришда қулай ҳамда замонавий услуб ва технологияларга мурожаат этилаётгани бежиз эмас.

Жумладан, юртимизда дон мустақиллигига эришилгач, Президент Ш. Мирзиёев томонидан масъулларга иқлимга мос хорижий навларни олиб кириш вазифаси қўйилди. Чунки, уруғчиликни янгилаш ва ривожлантириш орқалигини юқори ҳосилга пухта замин яратилади.

Тўрақўрғон туманида “Дон, мойли ва озуқа экинлари ҳамда 2025 йил ҳосили учун уруғлик ғалла майдонларида дала апробация кўригини ўтказиш” бўйича ташкилланган кўргазмали семинар ҳам шу мавзуга бағишланди. Унда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этди.

Ўзбекистонда илк бор Наманган вилояти танлаб олиниб, Тўрақўрғон туманидаги “Зумрад, Ибрат” фермер хўжалигининг 5 гектар майдонида “Мотиватор плюс” МЧЖ томонидан Россия давлати тажрибаси асосида янги усул – битта майдонда ғалланинг уруғчилик учун 47 турдаги нави синов тариқасида экилганди. Ўта серҳосил, эртапишар, сувсизлик, касалликлар ҳамда совуқ ҳавога чидамли бу чатишган навлар пишиб етилиш арафасида. Улардан камида 90-100 центнердан ҳосил олиш мумкинлиги илмий исботланган.

Семинарда Россиянинг “Семена Ставрополья” компанияси раҳбари Григорий Донцов, Инновация технологияларни жорий қилиш маркази илмий раҳбари Амир Амонов, вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси раҳбари ўринбосари Алижон Жўраевларнинг тавсиялари тингланди.

Вилоят ташкилотлари вакиллари, барча туманлар ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, фермерлар қатнашган кўргазмали семинарда бир сўз билан, ғалла етиштиришда жуда кенг имкониятлар юзага келгани амалда кўрсатиб берилди.