Юрт қудрати – соғлом авлоди

1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни. Бу байрам бутун дунёда 1950 йилдан бери нишонланади. Ўзбекистон фарзандлари эса ҳар куни, ҳар доим ардоқда.

Тўрақўрғон туманида ана шу сана муносабати билан байрам тадбири ўтказилди. Унда туман ҳокими Шерали Қосимов, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси шўъба мудири Баҳодир Алимов, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Бугунги кунда туманда 3-7 ёшлиларнинг қарийб 90 фоизи мактабгача таълимга қамраб олинган. 2 ҳамда 21-кўп тармоқли махсус ДМТТларда имконияти чекланган ўғил-қизлар алоҳида эътиборда.

Байрам тадбири ана шу махсус боғчаларнинг тарбияланувчиларини йўқлашдан бошланди. Уларнинг бадиий дастурдаги чиқишлари олқишлар билан кутиб олинди. Сўнгра тумандаги муассасалар болалари қўшиқ, рақс, спорт, расм чизиш бўйича иқтидорларини намойиш этишди. Барчаларига ҳокимлик ва ҳомийларнинг ажойиб совғалари топширилди.