Саиджоннинг орзуси ушалди

52-мактабда инклюзив таълим асосида билим олаётган 3-синф ўқувчиси Саиджон Шукруллаевни Тўрақўрғон аҳли яхши танийди. Сабаби ногиронлиги бўлишига қарамасдан, ўз устида ишлашдан ҳечам эринмайдиган бу болакай бармоқларсиз ҳам гўзал расмлар чизиб, тенгдошлари эътиборига тушган.

Ҳайит байрами арафасида у яна бир муваффақиятга эришиб, туман ҳокими Шерали Қосимовнинг қўлидан совға олди. Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Наманган вилояти бўлими ҳамда ЎзХДП вилоят кенгаши томонидан ногиронлиги бор ёшлар ўртасида ўтказилган «Мафтункор ранглар жилоси» танловида  муносиб иштирок этганлиги учун туман раҳбари изланувчан ўқувчи яшаётган хонадонга ташриф буюрди.

Дукат маҳалласида истиқомат қилувчи намунали оиланинг турмуш шароитлари билан танишилди. Ҳовлининг шинам ва саришталиги, хонадон аъзоларининг томорқадан унумли фойдаланишлари ҳокимга ҳам манзур бўлди. Саиджонга эса ўзи орзу қилганидек замонавий велосипед ҳадя этилди.