Сирдарё соҳилларида яна бир лойиҳа амалга оширилди
Ахсикент – нафақат Тўрақўрғон тумани, балки вилоятимизнинг ҳам эътиборга молик туризм манзилгоҳларидан бирига айланди. Шу муносабат билан бу тарихий обида жойлашган Сирдарё соҳиллари ободонлаштирилиб, саёҳатчиларга қулай дам олиш шароитлари яратилмоқда.Бугун “Ахсикент соҳили” МЧЖ томонидан яна бир лойиҳа амалга оширилди. Яъни. “Соҳил” спорт ва дам олиш маскани фойдаланишга топширилди. Унинг тақдимот маросимида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, нуронийлар, ёшлар вакиллари иштирок этишди.
Таъкидлаш жоизки, мажмуадан сунъий қопламали футбол, варкаут майдони, бадминтон ва замонавий баскетбол майдонлари ўрин олган. Шунингдек, дарё соҳиллари бўйлаб 500 метрли юриш йўлакчаси барпо этилган. Бу спорт турларидан бир кунда 500 киши фойдаланиши учун имконият яратилди.
Тадбиркор Умаржон Мўминов томонидан 1 миллиард 600 миллион сўм сарфланган лойиҳа аҳолига беминнат хизмат кўрсатади. Вилоят ҳокими миннатдорчилик сифатида унга Ташаккурнома ва эсдалик совғалари тақдим этди.
Шу куннинг ўзидаёқ маҳаллалар ўртасида бошланган футбол бўйича мусобақанинг финал босқичи мазкур майдонда бошлаб юборилди.






