#инсон_қадри
Аҳоли мурожаати ижобий ҳал бўлди: оилавий поликлиника филиали фаолият бошлади
Тўрақўрғон туманининг энг олис ҳудудларидан ҳисобланган Ўзбекистон ва Катта Қурама маҳаллаларида 6203 нафар аҳоли истиқомат қилади. Улар тиббий хизмат учун 6 километр узоқликда жойлашган 30-оилавий поликлиникага қатнашар, зарурий ҳолларда бу анчагина қийинчилик туғдирарди.
Унинг филиалини очиш учун аҳоли томонидан сайёр қабулларда таклифлар билдирилгач, амалга ошириш чоралари изланди. Икки маҳалладан саховатпеша ҳомийлар ташаббус кўрсатиб, бўш турган бино мукаммал таъмирланди. Туман ҳокимлиги, тиббиёт бирлашмаси кўмаги билан керакли жиҳозлар ажратилди.
Бугун ана шу тиббиёт муассасасининг очилиш маросими ўтказилди. Унда туман ҳокими Шерали Қосимов, нуронийлар, жамоатчилик ҳозир бўлишди.
Филиалда оилавий шифокор, доя-патронаж, амалиётчи ҳамширалар хизмат кўрсатади ва муолажалар олиб борилади.
Маросимдан сўнг кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар вакиллари учун эҳсон дастурхони ёзилди.






