ТАДБИРКОР МУРОЖААТИ ОРТИДА ИЗЛАНИШ, ИНТИЛИШ БОР
Янги Ўзбекистон даврида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан тараққиётнинг бутунлай янги босқичига қадам қўйдик ва унинг натижалари бугун ҳаётимизда, фаолиятимизда акс этмоқда. Айниқса, тадбиркорларга барча имкониятлар яратилди, фаолият йўлларидаги ҳамма тўсиқлар олиб ташланди.
Яқинда Президентимизнинг тадбиркорлар билан бўлган учрашувлари юртимиз тарихида тарихий воқеа бўлди, десак адашмаган бўламиз. Юртбошимиз эришилган салмоқли муваффақиятлар билан бир қаторда ҳали ҳал этилиши лозим бўлган муаммоларни ҳам очиқ-ойдин гапириб ўтдилар ва тадбиркорликни янада ривожлантириш, яратиладиган қулайликлар бўйича галдаги режалар билан таништирдилар.
Маданият марказида ташкилланган “Ҳоким ва тадбиркорлар” учрашуви ана шу мавзуга бағишланди. Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова Президент белгилаб берган, тадбиркорлар манфаатига хизмат қилувчи 7 та муҳим устувор йўналишларни шарҳлаб, ҳар бир секторда алоҳида штаблар ташкил этилиши ва уларда масъуллар мурожаатларни қабул қилиб, ҳал этиш чораларини кўришларини билдирди.
Тадбирда туман иқтисодиётига баракали улуш қўшиб келаётган, кўплаб янги иш ўринларини яратган, маҳсулотларини хориж давлатларига экспорт қилиб ном қозонган бир гуруҳ тадбиркорлар туман ҳокимлигининг Ташаккурномаси билан тақдирландилар.
Учрашувда 20 дан ортиқ мурожаатлар ҳам эшитилди. Улар асосан кредит, бино ёки ер олиш, инфратузилма, кадастр, солиқ масалаларида бўлиб, ҳар бири бўйича таҳлил ўтказилди ва назоратга олинди.