“ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЭРКИН ВА ФАРОВОН ЯШАЙЛИК”Тўрақўрғон туманида мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди
Жонажон Ватанимизда байрамлар жуда кўп. Лекин, давлатимиз истиқлолга эришган, халқимиз чин маънода озод бўлган сана –мамлакатимиз мустақиллиги куни алоҳида тантана билан шодиёна қилинади.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев эътироф этганларидек, “биз қандай таҳликали ва суронли даврларни бошимиздан кечирмайлик, қандай ютуқ ва натижаларга эришган бўлмайлик, мустақиллик ғояси, истиқлол руҳи бизга доимо тоғдек таянч бўлмоқда.
Чиндан ҳам мамлакатимиз дунёнинг ривожланган давлатлари ичида ўзининг салоҳияти билан нуфузли ўринларни эгаллаб олди. Янги Ўзбекистон даврида буюк ўзгаришлар рўй берди ва давом этмоқда.
Ер куррасининг айрим жойларида жангу жадал, ахборот ҳуружлари, нотинчлик кузатилаётган шу кезларда бизда ободонлаштириш, уйлар қуриш, гуллар экиш, тўйлар қилиш давом этяпти. Биз шундай улуғ, тинч-осойишта мамлакатда яшаётганимизга ҳар қанча шукроналар айтсак арзийди.
Ёзги томошагоҳда ташкилланган тадбирда туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова барчани қутлуғ айём билан муборакбод этди. Истиқлол йилларида Тўрақўрғонда ҳам қандай буюк ўзгаришлар амалга оширилганига барчамиз гувоҳмиз. Айниқса, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари туманимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди. Иқтисодиётимизнинг барча соҳаларида ривожланишнинг юқори кўрсаткичлари таъминланмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимизда одамларнинг турмуш тарзи бир неча баробар ошди. Ёшларимизнинг билим олиш ва касб-ҳунар эгаллашга иштиёқлари кучайди. Тадбиркорларимиз сафи кенгайиб, тафаккурлари бойиди, янги-янги лойиҳалар амалга тадбиқ этилмоқда. Буларнинг ҳаммаси, шубҳасиз, юртимиздаги тинчлик-осойишталик, халқимизнинг баҳамжиҳатлигидандир. Байрам арафасида Президентимиз Фармонларига кўра бир гуруҳ юртдошларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирландилар. Улар сафида туманимиздаги Ёртепа маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳалимахон Абдураҳмонова “Меҳнат шуҳрати” ордени, Исҳоқхон Ибрат номидаги мактаб-интернатининг ўқитувчиси Муяссар Боқихонованинг “Шуҳрат” медали билан тақдирлангани тўрақўрғонликларнинг байрам кайфиятини янада оширди.
Байрам тадбирида бир гуруҳ фаоллар “Мустақилликнинг 30 йиллиги” кўкрак нишони ва бошқа мукофотлар билан тақдирландилар. Туман маданият бўлими томонидан саҳналаштирилган бадиий дастур намойиш этилди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Яҳёбек Мўминовнинг дилтортар қўшиқлари барчага манзур бўлди.
Шундай байрамлар туманимизнинг барча маҳаллаларида давом этмоқда.