Йўл бўйидаги умидли лойиҳалар
Кўпчиликнинг хабари бор, Президент топшириғига кўра, Ангрен шаҳридан Тўрақўрғон туманигача бўлган 100 километрлик йўлда автомобиллар оқими серқатновлигини ҳисобга олган ҳолда унинг йил давомида жозибадорлигини оширишга киришилган.
Шу муносабат билан Наманган вилояти ҳокимлиги ҳузурида алоҳида дирекция ташкил этилган. Махсус режа ишлаб чиқилиб, йўл бўйидаги ерларни аукционга чиқариш чоралари кўрилмоқда.
- Мазкур режа бўйича Тўрақўрғоннинг «Шоҳидон нурли диёри» ММТП ҳудудидан 13 гектар ер майдони тоифаси ўзгартирилди. Йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш, логистика марказлари ташкил этиш, умумий овқатланиш шохобчалари қуриш учун ерлар аукцион савдосига чиқарилди, - дейди туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи Улуғбек Холматов.
Айни пайтда «Тўрақўрғон-Наманган-Чортоқ-Сассиқсой» йўлининг туман ҳудудидан ўтган 14 км. қисмининг ҳар икки томонида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, адирлар ўзлаштирилиб, янги боғлар барпо этилмоқда. Йўл четлари кенгайтириляпти.
Автотранспорт воситалари қатнови янада кўпайишини назарда тутган ҳолда янги АЁҚШ қуришга киришилган.
Аҳамиятлиси, шу ҳудуднинг 5 гектарида хориждан келтириладиган 80 минг дона зотдор товуқ илғор технологиялар асосида боқиладиган фабриканинг дастлабки 4 та блоги жорий йилда фойдаланишга топширилади ва 40 мингта товуқ парваришига киришилади.






