Тўрақўрғон туманида замонавий боғчалар сони яна иккита кўпаяди

Мамлакатимизда мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш энг устувор вазифалардан бирига айланган. Тўрақўрғон туманида 3-7 ёшли болаларнинг қарийб 88 фоизи муассасаларга қамраб олинган бўлиб, уларга муносиб шароитлар яратиб берилмоқда.

Шу билан бирга анча йиллар аввал қурилиб, бугун талабга жавоб бермай қолган боғчалар ҳам бор. Мавжуд 41 та давлат мактабгача таълим ташкилотларидан 30 таси мукаммал ёки жорий таъмирдан чиқарилган.

Айни кунларда Ахси маҳалласидаги 35-мактабгача таълим муассасасида қиймати 3,6 миллиард сўмлик “Менинг боғчам” лойиҳаси, Хўжанд маҳалласидаги 34-боғчада эса инвестиция дастури доирасида лойиҳа қиймати 3,572 млрд. сўмлик мукаммал қайта қуриш ишлари давом этмоқда.

Туман ҳокими Шерали Қосимов икки муассасадаги қурилиш ишлари билан танишди. Лойиҳалар кўздан кечирилди. Бу масканлар болалар учун узоқ муддатга ва сифатли тарзда хизмат қилиши шартлиги, бунинг учун барча қурилиш талабларига риоя этилиши хусусида сўз борди.