Соҳибкорлик туфайли тўқ яшаётган “Узумзор”ликлар
Бу маҳалла қулупной ва шафтоли етиштириш, ток баргини четга экспорт қилиш бўйича танилган. Узумчиликдаги тажрибалари эса алоҳида эътирофга лойиқ.
“Узумзор”да 2164 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 548 гектар майдонга ток экилган бўлиб, йилига 3-3,5 минг тонна ҳосил олинади. Шундан 2 минг тоннаси бошқа давлатларга экспорт қилинади. Токзорлар янги ерлар ўзлаштирилиши ҳисобига кенгайиб, биргина жорий йилда 42 гектар майдонга кўпайди ва шунинг ҳисобига маҳалладаги атиги 21 нафар ишсизнинг ҳам бандлиги таъминланди.
Маҳалладошлар умумий ҳисобда узумнинг ўзидан бир мавсумда 8,5 миллиард сўм даромад оладилар, бу ҳар бир оилага 100-150 миллион сўмдан тўғри келади. 1 гектар токзори бор деҳқон баҳорда 5 минг донагача ўртача 15 миллион сўмлик барг сотади.
Шу кунларда токзорларда кишмиш навли узумни йиғиш ва сотиш авжи паллада. Маҳалла аҳли тонгни далада қаршилашади ва меҳнатлари ортидан тўқ ва фаровон яшашмоқда.






