Тўрақўрғон тумани маданият марказида маҳаллаларда жиноятчиликни олдини олиш, ота-оналар кенгаши фаолиятини ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирни туман ҳокими Шерали Қосимов олиб борди. Мавзу юзасидан меҳнат фахрийси Абдулхай Турсунов, Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мусохон Оппоқов, Маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Илҳомжон Икромов,  "Адолат"  СДП вилоят Кенгаши раиси ўринбосари,  Одам савдосига қарши курашиш комиссияси раиси Ёрқиной Ҳожиматоваларнинг мулоҳазалари тингланди.

Фикрларда акс этганидек, илмли инсон жамият гултожидир. Улар фақат яратиш, яшнатиш ниятлари билан банд бўладилар, ёмонликни кўзламайдилар. Бунинг учун болани ёшлигидан таълим-тарбияни пухта эгаллашини таъминлаш ота-она, қолаверса, маҳалланинг бурчидир. "Бир нуроний ўн ёшга масъул" тамойили ҳам шу мақсадда жорий қилинган.

Йиғилишда иштирок этган вилоят Нуронийлар кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Икромхон Нажмиддинов Президентимизнинг 3.01.2025 йилдаги маҳаллаларни хавфсиз ҳудудга айлантириш, жиноятчилик ҳолатларига йўл бермаслик бўйича чора-тадбирлар мазмунидаги  Қарори ижроси ва бошқа масалаларда сўз олиб, маҳалла еттилиги, нуронийлар, таълим муассасалари ҳамкорлигини қатъий олиб бориш билангина кўзланган натижага эришиш мумкинлигини мисоллар орқали таъкидлади.

Иштирокчилар биргаликда ишлаб, юртимиздаги тинчлик-фаровонликни қадрлаб яшашга келишиб олишди.