Қўшиқ ва аския кечаси дилларга завқ улашди
Кеча оқшом Тўрақўрғон маданият марказининг ёзги Амфитеатрида бир ажиб маданий тадбир ташкил этилди. Унда туманимизнинг икки истеъдодли ёш санъаткорлари Адҳамжон Сотволдиев ҳамда Муҳаммаджон Маърупов саҳнада беллашдилар.
Яхши қўшиқ дилга ором бағишлайди, ҳаётдан завқ олиб яшаш туйғуларини мустаҳкамлайди. Икки хонанданинг меҳр, оқибат, ота-онани улуғлаш, муҳаббат ва инсонийлик қадри мавзуларидаги қўшиқларини томошабинлар эътибор билан тингладилар.
Тадбирда таниқли сўз устаси Абдураҳмон Сиддиқов аскиялар айтиб, даврага файз бағишлади.
Туман ҳокимининг ўринбосарлари Икромжон Парпиев, Ҳаётхон Маҳмудова, Нуронийлар кенгаши раиси Одилхон Хўжаевлар саҳнага чиқиб, бу келажаги порлоқ санъаткорларга ижодий ютуқлар тиладилар.






