Маҳалла учун янги замонавий бино қурилади, танланган ер ҳам маъқулланди

Тўрақўрғон туманида 64 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 62 таси ўз хизмат биноларига эга. Эндиликда Қашқаргузар ва Туркистон МФЙларда ҳам бу муаммо ҳал этилмоқда.

Туркистон маҳалласи масъуллари узоқ йиллардан бери кўп қаватли уйда жойлашган уч хонали мослаштирилган жойда фаолият олиб боришади. Айниқса, “еттилик” ташкил этилгандан кейин шароит етишмаслиги юзага келганди.

Ваниҳоят, уларга ҳам янги бино қуриш учун ер танланди. Бугун туман ҳокими Шерали Қосимов маҳалла вакиллари билан учрашиб, шу хусусда мулоқот ўтказди.

-Ҳали кўрасизлар, қурилиш бошланиши бошқа яхши ҳаракатларга туртки бўлади. Мана бу кўп қаватли уй-жой олд майдонига ноёб дарахтлар экамиз, йўлини асфальтлаймиз. Нарироқдаги жойда эса одамлар дам оладиган маскан қурилса, ҳам даромад, ҳам ободлик бўлади,- деди туман ҳокими атрофни кўздан кечириб.

Маҳалла биносига тез орада пойдевор қуйилади, бунинг учун лойиҳа ҳужжатлари ҳам тайёр.