“Маҳоратли ўқитувчи – миллат таянчи”Тўрақўрғонда шу мазмундаги устозлар форуми ўтказилди
Туман маданият марказида ташкилланган ушбу тадбирда соҳа фахрийлари, ўқитувчиликдек улуғ касбни ардоқлаб келаётган фаоллар, таълим-тарбия муассасалари раҳбарлари иштирок этишди.
Форумда туман ҳокими Шерали Қосимов қатнашиб, таълим сифатини оширишга қаратиб келинаётган эътибор кўламини туманимиз мисолида изоҳлади. Жумладан, мактабгача таълим тизимидаги қамров кейинги тўққиз йилда 3,5 баробарга оширишга эришилди. Инвестиция дастури доирасида жами 26 та умумтаълим муассасаларида реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди.
Бугун том маънода юртимизда ўқитувчи халқ эътибори ва эъзозида, мактаб таълими давлат сиёсатининг бош мақсадига айлангани ҳам айни ҳақиқатдир.
Тадбирда, шунингдек, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Аъзамжон Исаков ҳам сўз олиб, янги ўқув йилидаги муҳим вазифаларга тўхталди.
Албатта, фидоийлик билан ишлаганларни тақдирлаш доимий анъана. Форумда ана шундай касбини эъзозлаб келаётган бир гуруҳ соҳа вакилларига туман ҳокимлиги ҳамда ташкилотчиларнинг Ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.






