Азиз юртдошлар! Жонажон Ватанимизда байрамлар жуда кўп. Лекин, давлатимиз истиқлолга эришган, халқимиз чин маънода озод бўлган сана –мамлакатимиз мустақиллиги куни алоҳида тантана билан шодиёна қилинади.
Фурсатдан фойдаланиб туманимиз аҳлини халқимизнинг энг улуғ, энг азиз айём билан муборакбод этаман.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев эътироф этганларидек, “биз қандай таҳликали ва суронли даврларни бошимиздан кечирмайлик, қандай ютуқ ва натижаларга эришган бўлмайлик, мустақиллик ғояси, истиқлол руҳи бизга доимо тоғдек таянч бўлмоқда.
Бугун чексиз ифтихор билан айта оламизки, донишманд халқимизнинг узоқни кўра олиши, бирдамлиги ва фидойи меҳнати билан барча синовлардан муносиб ўтиб келмоқдамиз.
Шу нуқтаи назардан, бизнинг инсоний қадр-қимматимизни, ғурур ва шаънимизни, дину диёнатимизни, миллий давлатчилигимизни тиклаб берган Мустақиллик куни Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин саҳифа бўлиб қолади”.
Чиндан ҳам мамлакатимиз дунёнинг ривожланган давлатлари ичида ўзининг салоҳияти билан нуфузли ўринларни эгаллаб олди. Янги Ўзбекистон даврида буюк ўзгаришлар рўй берди ва давом этмоқда. Президентимиз раҳбарликларида амалга оширилган 15 та устувор йўналиш тарих зарварақларига Ўзбекистоннинг куч-қудрати, имкониятлари, салоҳиятини ўзида акс эттирган муҳим қадамлар мажмуаси сифатида муҳрланди. Ер куррасининг айрим жойларида жангу жадал, ахборот ҳуружлари, нотинчлик кузатилаётган шу кезларда бизда ободонлаштириш, уйлар қуриш, гуллар экиш, тўйлар қилиш давом этяпти. Биз шундай улуғ, тинч-осойишта мамлакатда яшаётганимизга ҳар қанча шукроналар айтсак арзийди. Истиқлол йилларида Тўрақўрғонда ҳам қандай буюк ўзгаришлар амалга оширилганига барчамиз гувоҳмиз. Айниқса, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари туманимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди. Иқтисодиётимизнинг барча соҳаларида ривожланишнинг юқори кўрсаткичлари таъминланмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимизда одамларнинг турмуш тарзи бир неча баробар ошди. Ёшларимизнинг билим олиш ва касб-ҳунар эгаллашга иштиёқлари кучайди. Тадбиркорларимиз сафи кенгайиб, тафаккурлари бойиди, янги-янги лойиҳалар амалга тадбиқ этилмоқда. Буларнинг ҳаммаси, шубҳасиз, юртимиздаги тинчлик-осойишталик, халқимизнинг баҳамжиҳатлигидандир.
Азиз дўстлар! Истиқлол байрамининг жамиятимизда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик, инсонийлик, Ватанни асраш ва улуғлаш, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитининг шаклланишида, айниқса, ёшларимизни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги аҳамияти беқиёсдир.
Сизларни Мустақиллик байрами билан яна бир бор самимий қутлайман. Илоҳим, бугунги тинчлик, фаровонлик ва тўкин-сочинликнинг бардавом бўлишини тилаб чин дилдан қилаётган дуоларимиз ижобат бўлсин. Ҳар бир оилага файзу барака, мустаҳкам соғлик, маънавий миллий қадриятларимизни эъзозлаб, одамийликни улуғлаб яшаш насиб этсин.
Мустақиллигимиз абадий бўлсин!