"Билимлар куни"да Тўрақўрғон туманида бирйўла иккита мактаб замонавий қиёфада фойдаланишга топширилди

Янги ўқув йилининг бошланиши Гулқишлоқ маҳалласи аҳолиси ҳамда ўқувчилар учун ўзгача кечди. Замонавий қиёфа олган 29-мактаб фойдаланишга топширилди.

Муассасанинг бундан қарийб 40 йил аввал ва ундан кейин қурилган бинолари 626 ўринга мўлжалланган бўлиб, кейинги пайтда 1360 нафар ўқувчига билим бериш учун ҳатто икки навбатда ҳам хоналар етишмасди.

Инвестиция дастурига кўра, 5 миллиард 700 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши туфайли жорий йилда 420 ўринли қўшимча бино қурилиши ва барча ўқув хоналари замонавий ҳолга келтирилиши билан бу муаммо бартараф этилди.

Маросимда туман ҳокими Шерали Қосимов иштирок этиб, барчани қўшалоқ байрам билан табриклади. Муваффақиятлари йил сайин кўпаяётган мактаб жамоасига янада омад тилади.

“Биринчи қўнғироқ” чалиниб, ўқувчилар безатилган синф хоналарига кирдилар. Айниқса, биринчи марта мактаб партасига ўтирган ўғил-қизлар учун энг унутилмас кун бўлди.